Мақолада коррупцияга қарши кураш соҳасида ҳуқуқий таъриф ва жиноят-ҳуқуқий чегараларни аниқлаш муаммоси комплекс тарзда таҳлил қилинади. Бошланғич қисмида “Transparency International”нинг коррупцияни қабул қилиш индекси (CPI) кўрсаткичлари ҳамда БМТ, Европа Кенгаши ва бошқа халқаро институтлар маълумотлари асосида коррупциянинг глобал хавфи, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва барқарор ривожланишга салбий таъсири ёритилади.Ўзбекистоннинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, айниқса 89-мақсадда коррупцияга қарши курашишни устувор йўналиш сифатида белгилаши, шунингдек 2024 йилда коррупцияга оид жиноятлар статистикаси орқали миллий вазият таҳлил қилинади. Мақолада халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда, жумладан БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси, Европа Кенгаши конвенциялари, МДҲ доирасидаги намунавий қонунлар ва Россия, Беларусь, Қозоғистон қонунчилигида “коррупция” тушунчаси кенг таҳлил қилинади, бироқ ушбу ҳужжатларда ягона ва аниқ ҳуқуқий таърифнинг мавжуд эмаслиги қайд этилади. Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунидаги таъриф ҳам танқидий ўрганилиб, унинг фақат пора олиш-бериш ва ваколатни суиистеъмол қилишга чеклангани, лоббизм, непотизм, протекционизм, таъсир савдоси каби замонавий кўринишларни тўлиқ қамраб олмаслиги кўрсатилади. Муаллиф коррупциянинг махсус субъект, мансаб ваколатидан ғаразли фойдаланиш, жамият ва давлат манфаатларига зидлик, латентлик ва тизимлилик каби белгиларини ажратиб, улар асосида такомиллаштирилган ҳуқуқий таъриф таклиф этади. Шу билан бирга, коррупцияга оид жиноятларни субъект, объект, шакл, ҳуқуқий оқибат ва манфаат тури каби мезонлар асосида модулли, мослашувчан таснифлаш ғояси илгари сурилади. Хулоса ўрнида бундай ёндашув миллий жиноят қонунчилигини ривожлантириш, коррупция билан боғлиқ жиноятларни тўғри квалификация қилиш, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва суд-тергов органлари учун методологик асос сифатида хизмат қилиши таъкидланади