Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи олтин водий тарихининг барча даврларига оид ноёб экспонатлар сақланадиган маънавий-маърифий масканлардан биридир. Музейшуносликда қадимий ҳисобланган мазкур даргоҳ 1894 йил 16 октябрдан 17 ноябргача Янги Марғилон шаҳрида ўтказилган биринчи қишлоқ хўжалиги ва саноат кўргазмаси асосида ташкил этилган[1]. Унинг илк экспонатлари турли соҳаларга оид бўлиб, музейнинг ташкил этилишига туртки бўлди! Бир йил ўтиб, 2 ноябрда Фарғона вилояти музейига раҳбарлик қилиш ва янада ривожлантириш учун махсус қўмита таъсис этилди. Ҳукуматга тегишли бинонинг иккинчи қаватидан музей учун махсус 4 та хона ажратилди. 1897 йилнинг 4 июлида музейнинг Низоми тасдиқланди. Шу даврда музей фондида 1200 та буюм ва китоблар жамланган эди. Икки йил давомида музей фонди 2223 та экспонатга кўпайди. Ва 1899 йил 26 майида Фарғона вилояти ҳалқ музейининг тантанали равишда очилиш маросими бўлиб ўтди[2].
2022-08-10