Трагедия адабиёт ва театр билан боғлиқ ҳодиса бўлиб, унда ҳар икки соҳага хос энг муҳим хусусиятлар синтезлашган. Моҳиятан келиштириб бўлмайдиган зиддиятлардан иборат, охири фожиа билан якунланувчи мазкур жанрда конфликт жуда кучли бўлиш билан бир қаторда ижтимоий-сиёсий тараққиёт ва инсон ҳаётининг энг муҳим қирралари акс этади. Трагедия муайян ҳажмли, турли қисмлари турлича сайқалланган тил ёрдамида, баён воситасида эмас, балки хатти-ҳаракат орқали кўрсатиладиган ва изтироб билан инсон руҳини покловчи муҳим ва тугал воқеа тасвиридир. Демак, трагедияга асос бўладиган воқеа муҳим ва тугал бўлиши, воқеа баён воситасида эмас, хатти-ҳаракат орқали кўрсатилиши, воқеа томошабинни изтиробга солиши, шу орқали инсон руҳини поклаши зарур.