Мазкур мақолада Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини ислоҳ қилиш ва уни замон талаблари даражасига олиб чиқиш бўйича долзарб муаммолар таҳлил қилинган. Муаллиф жамиятда “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган ёндашувни илгари суриб, адвокатларнинг мустақиллиги, уларнинг процессуал тенглигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга интеграциялашуви зарурлигини асослаб беради. Мақолада тергов судьяси институти, айблов ва ҳимоя тарафлари ўртасидаги тортишув тамойилининг амалиётда таъминланмаслиги, адвокатларнинг далиллар тўплашдаги чекловлари ва ижтимоий ҳимоясининг етишмаслиги танқидий ёндашув асосида кўрсатиб берилган. Хусусан, давлат томонидан бепул адвокат тайинлашда электрон тизимлар жорий этилган бўлса-да, шартнома асосида жалб этилган адвокатларнинг четлатилиши ҳимоя ҳуқуқининг бузилиши сифатида тан олинган. Муаллиф шунингдек, адвокатлик бюроларининг ташкил этилиши учун тажриба талаби, адвокатларнинг соғлиғи ва ҳаёти давлат ҳимоясида бўлиши каби муҳим норматив ўзгаришларни илгари суради. Мақола якунида жамиятдаги ўзгаришлар фонида адвокатуранинг ривожланиш концепциясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланади. Тавсия этилаётган таклифлар адвокатура фаолиятининг сифатли, эркин ва тизимли шаклланишига асос бўлиб хизмат қилади.