Болалардаги, айниқса гўдаклик ва эрта ёшдаги патологик бузилишларнинг асосий сабаблари перинатал даврдаги бузилишларни ўз ичига олади. Марказий асаб тизими перинатал шикастланиши бўлган чақалоқларнинг 55-98% да ошқозон-ичак трактининг турли бузилишлари кузатилади, улар клиник жиҳатдан қусиш, ич қотиши, диареяда намоён бўлади (Турсунхўжаева С.Ш., Студеникин В.М., 2021). 1 ёшгача бўлган болаларда ошқозон-ичак трактининг функционал бузилишларида психоневрологик кўринишларнинг намоён бўлиши нутритив статуснинг бузилиши (озиқ моддаларни ҳазм қилишнинг бузилиши туфайли), соматоформ дисфункциялар, қисман- деминерализация жараёнлари ва алоҳида (Д витамини ва бошқалар) ёки комбинацияланган витамин танқислиги ҳолатлари билан боғлиқ. Ошқозон-ичак трактида ферментация жараёнларида ҳосил бўлган метаболик маҳсулотлар билан марказий асаб тизимининг сурункали интоксикацияси муҳим роль ўйнаши мумкин ( Турсунхужаева С.Ш., Студеникин В.М., 2021). Юқоридагилардан келиб чиқиб, асаб тизимининг перинатал бузилишлари билан оғриган 1 ёшгача бўлган болаларда ошқозон-ичак тракти функционал бузилишларининг ушбу патология билан боғлиқ клиник кўринишларини эрта аниқлаш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш зарур деб ҳисоблаймиз.