Лейшманиозлар – одам ва ҳайвонлар орасида учрайдиган бир гуруҳ протозой трансмиссив касаллиги бўлиб, асосан ички аъзоларни (висцерал лейшманиозда) ёки тери ва шиллиқ пардани (тери лейшманиозида) зарарлайди. Касаллик одамга Phelebotomus турига мансуб лейшманиоз билан зарарланган москитнинг чақиши оқибатида юқади. Ўз навбатида москит инфекцияни касалланган одамни, ит, ёввойи ҳайвонлар (чиябўри, тулки)ни, ҳар хил кемирувчилар (катта қум сичқони, қизил думли қум сичқони,тишли каламуш ва ингичка панжали юмронқозиқ ва бошқалар)ни чақиши натижасида зарарланади. Зарарланиш мавсуми – ёз, касалланиш мавсуми эса – шу йилнинг кузи ёки келаси йилнинг баҳорига тўғри келади.