Фарғона водийсида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида илк палеолит давридан тортиб то ўрта асрларгача бўлган даврларга оид бир неча юзлаб археологик ёдгорликлар топиб ўрганилган. Қадимги деҳқончилик ёдгорликлари асосан сой бўйларига жойлашган. Яъни, қадимги аҳоли тоғ олди этакларидаги булоқ бўйларида, дарё соҳилларидаги пастқам, суғорилиши осон жойларда деҳқончилик қилишга аста-секин ўта бошлаганлар. Ёдгорликларни сув манбалари асосида районлаштириш борасида А.Н.Бернштам, Б.А.Латынин, Ю.А.Заднепровский, Н.Г.Горбунова ва Б.Абдулгазиеваларнинг ишланмалари чуқур таҳлил қилинган.