Форобий асарларида ақл, билиш ва илм ҳақидаги таълимот изчил ва мукаммал ишланган. Унинг фикрича, инсон ҳақиқий камолотга етиши учун, аввало, илмий билимларга эга бўлиш зарур. Бунинг учун инсон ақлий хислатларни эгаллаши, тарбиячи эса шогирдидаги ана шу фазилатларни ривожлантиришга ёрдам бериши лозим. Мутафаккир таълимотида, ақл гарчи келиб чиқиши билан Биринчи сабаб олий зотга боғлиқ бўлсада, ривожланиш давомида у фақат инсоннагина хос бўлган туғма қувват сифатида намоён бўлади. Аллома инсон фаҳм-фаросати, фикрлаш, мулоҳаза юритиш қобилиятини тўғри йўлга қўйиш орқали ақлий ва ахлоқий камолотга етади, табиат ва жамият қонунларини тўғри билиб олади, ҳаётда тўғри йўл тутади, деган фикрни илгари суради.